Бекобод “беки”га айланган футболчи ёхуд Зоҳид Абдуллаев фаолиятига бир назар...
Бекобод футболи – “Металлург” ПФК деганда мухлислар кўз ўнгига шубҳасиз Зоҳид Абдуллаев келади. Шу юртнинг қорамағиздан келган ўғлони том маънода Бекобод футболининг ёрқин тимсолига айланган, десак муболаға бўлмайди.
Бекобод шаҳридаги 12-микрорайонида 1984 йилнинг май ойида – 25-санасида мурғаккина, митти чақалоқ дунёга келди. Қўнғироқдек жарангдор овози билан қўни қўшнилар ва яқинлари эътиборини ўзига тортган бу гўдакнинг тез орада ушбу замин довруғини яшил майдонларда донг таратаман, деганини ўшанда ким ҳам тушинибди дейсиз.
Бу пайтда Бекободда миллионлар ўйини – футбол анча ривожланган, “Металлург” жамоаси Ўзбекистон биринчилигида қатнашар, бундан ташқари Бекобод шаҳри ва туманида бир нечта жамоалар фаолият юритарди. Миллионлар ўйинининг жозибаси ёш Зоҳидни ҳам футболга етаклади. Ўрта мактабда ўқиб юрган кезлари шаҳарнинг қоқ марказида фаолият юритувчи хусусий жамоага – биринчи мураббийи Ғулом ака Ғофуров ҳузурига шошар, эрталабдан кечгача тўп ортидан югуришдан чарчамасди. 15 ёшида “Цементчи” жамоасига қабул қилинди. Бу ерда чарм тўп сирларини Илҳом Асадовдан ўрганишни давом эттирди. Шунинг баробарида республика миқиёсидаги мусобақаларда Бекобод шаҳри шарафини ҳимоя этишга киришди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач Ўзбекистон чемпионати билан бир қаторда мамлакат биринчилиги баҳслари ҳам ташкил этилди. Бекобод шаҳрининг бош жамоаси – “Металлург” футбол клуби Ўзбекистон биринчилигидаги иштирокини бошлади. Жамоа биринчиликдаги олти йиллик фаолиятидан сўнг ниҳоят 1997 йилда иккинчи ўринни эгаллади ва Олий лига йўлланмасини қўлга киритди. Бугунги кунда Бекобод футболининг юзи, обрўсига айланган Зоҳид Абдуллаевнинг “Металлург” жамоасига қабул қилиниши бирмунча кеч амалга оширилди. Зоҳидни 2007 йилги мавсумда Бекободнинг бош жамоасига тажрибали мутахассислар – Вагиф Рустамов ҳамда Яков Капровлар чақиришган.
Ўша мавсум “Металлург” учун анча омадсиз бошланган, жамоа кетма кет иккита ўйинда мағлубиятга учраганди. Уйда “Пахтакор”га (0:4), сафарда “Тўпаланг” (0:2) га имконият бой берилди. 3-турда эса Бекободга Олий лига дебютанти – ўз олдига катта вазифаларни қўйган, мамлакатнинг энг кучли ва тажрибали ўйинчиларини жамлаб олган – “Қурувчи” келаётганди. Зоҳид Абдуллаевнинг “Металлург” таркибидаги дебюти айнан шу учрашувга – дебютантга қарши ўйинга тўғри келди. Чемпионлик йўлида “Пахтакор”нинг асосий рақибига айланган ўйинда “Металлург” ўйингоҳи – А.Анохин номидаги стадион мухлислар билан лиқ тўлди. Жамоа эса ўз мухлислари қаршисида яна ютқазаётганди. Учрашувнинг 22-дақиқасида Рашид Ғофуров ҳисобни очди. Бу гол эса ўйин якунига қадар ягоналигини сақлаб турганди. 86-дақиқада мураббийлар штаби майдонга 23 ёшли Зоҳид Абдуллаевни туширишга қарор қилишди. У тажрибали ярим ҳимоячи Жамшид Мирабдуллаев ўрнини эгаллади. Шу тариқа Зоҳиднинг Ўзбекистон чемпионатларидаги фаолияти бошланди.
2007 йилги мавсум “Металлург” учун жуда оғир кечди. Жамоа 30 та ўйиннинг 19 тасида имкониятни бой берди. 5 та учрашувда дуранг ўйнади. 6 та ўйинда эса ғалаба қозонди ва 16 жамоа ўртасида 15-поғонани банд этди. Чемпионатдаги дебютини ўтказган Зоҳид Абдуллаев асосан заҳирадан майдонга туширилар, унга жамоа ўйинини кучайтириш, жамоани мағлубиятдан қутқариб қолувчи ўйинчи сифатида қараларди. Биринчи мавсумнинг ўзидаёқ 21 та ўйинда майдонга тушган Зоҳид рақиблар дарвозасига 7 та гол уришни уддалади. Бу эса ўша мавсумдаги “Металлург” тўпурарлари орасидаги энг яхши натижа эди. Ёш Зоҳид тажрибали жамоадошлари Баҳром Умаров ва Мирғолиб Раимовларни биттадан голга ортда қолдириб кетди.
Зоҳид Абдуллаев Ўзбекистон чемпионатидаги биринчи голини урган кунини ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. XVI миллий чемпионатнинг 9-тури 5 май санасига тўғри келганди. Шу куни “Металлург” ўз майдонида Ғузорнинг “Шўртан” жамоасини қабул қилаяпти. 4000 томошабинга мўлжалланган стадионда бўш жой йўқ. Кетма кет 6 та мағлубиятдан кейин ниҳоят “Металлург” дастлабки очколарни қўлга киритди. Жамоа аввалига ўз уйида “Вобкент” билан нурсиз дурангга эришган бўлса (0:0), 8-турда Тошкентда “Локомотив” билан жанговор дурангга имзо чекиб келганди – 3:3. Азиз Ҳайдаров (дубль) ва Илҳом Мўминжоновнинг голларига Баҳром Умаров, Яшар Муталибов ҳамда Жамшид Мирабдуллаевлар жавоб қайтаришганди. Айниқса ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Жамшид Мирабдуллаевнинг жаримадан киритган чиройли голи “Металлург” мухлисларининг кейинги ўйинда ғалабага бўлган умидини оширган ва уларни стадионга чорлаганди. Ғузорликлар эса бу пайтда 8 та ўйиннинг 3 тасида ғалаба қозонган, 1 та учрашувда дуранг ўйнаган ва 4 та ўйинни бой берганди. Жамоа мусобақа жадвалининг олтин ўрталигида бораётганди.
Учрашув бош ҳаками самарқандлик Хушвақт Мухторовнинг ҳуштаги янграши билан мухлисларнинг тинимсиз қўллаб қувватлашлари остида “Металлург” футболчилари олдинга ташланишди. Ёппасига уюштирилаётган ҳужумлар ғузорликларни шошириб қўйди. Рақиб ҳимоя чизиғидаги парокандалик эса бекободликларга қўл келди. Тезкор гол киритилди. 4-дақиқа якунланиб улгурмасидан жамоадошининг ажойиб тўп оширишидан Зоҳид Абдуллаев унумли фойдаланди. Тажрибали Александр Корнейчук билан яккама якка чиққан Абдуллаев посбонни ҳам алдаб ўтиб, тўпни бўш қолган дарвоза тўрига йўллади. А.Анохин номидаги стадион оёққа қалқди. Зоҳид Абдуллаев ҳисобни очди. Шу тариқа кейинчалик бекободлик футбол ишқибозларининг ёқимтойига, эркатойига айланган Зоҳид Абдуллаев Ўзбекистон чемпионатларидаги илк голини киритди. Учрашув эса “Металлург”нинг йирик – 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Абдуллаевдан ташқари Жамшид Мирабдуллаев, Жонибек Ҳамдамов ҳамда Отабек Пирматовлар муваффақият қозонишди.
Йил ўтган сайин Зоҳид Абдуллаев кучлилар сафидаги ўз номи ва мавқеини тиклаб борди. “Металлург”нинг ҳақиқий голеадор ўйинчисига айланди. Мухлислар ва мураббийларнинг унга бўлган ишончи ортди. 2008 ҳамда 2010 йилларда Зоҳид “Металлург” таркибида энг кўп майдонга тушган ўйинчига айланди. 2008 йилда 5 та, 2009 йилда 6 та, 2010 йилда 7 та гол уришга эришди. Кейинги мавсумларда ҳам сермаҳсуллик борасида “Металлург”да Зоҳиднинг олдига тушадиган ўйинчи топилмади. 2011 йилда рақиблар дарвозасини 7 марта аниқ нишонга олган Абдуллаев кейинги мавсум ўз ҳисобига 9 та гол ёздириб қўйди. Айниқса бу голлар “Металлург”нинг ютуқларига хизмат қилганлиги Зоҳиднинг мухлисларнинг севимли ўйинчисига айланишига сабабчи бўлди.
Табиийки, олий лиганинг кучли жамоаларидан бу ҳужумчига қизиқишлар ортиб борди. Уни ўз сафида кўришни хохловчилар топилди. “Металлург”га нисбатан кўпроқ имтиёзлар таклиф этилиши боис Зоҳид қисқа муддат қадрдон жамоасидан узоқлашди. 2013 йилги мавсумни Қаршининг “Насаф”ида ўтказди. Ундан кейинги мавсумда эса мамлакатимизнинг энг номдор клубларидан бири – “Нефтчи”га йўл олди. Аммо “Металлург” тўпурарининг бошқа жамоаларда иши унчалик юришмади. Қашқадарёнинг бош жамоаси таркибида Зоҳид 22 та учрашувда 5 та гол урган бўлса, 2014 йилнинг биринчи даврасини Фарғонада ўтказган Абдуллаев фақат 4 та ўйинда майдонга тушди холос. Ўйин амалиётисиз қолиши, ўзининг севимли машғулоти – рақиб дарвозасиги гол уриши кескин камайиб кетиши Зоҳидни ҳам, унинг мухлисларини ҳам қаноатлантирмасди. Ўша пайтда “Металлург”да бош мураббий бўлиб ишлаётган Рустам Мирсодиқов, жамоа бошлиғи Шавкат Саидовлар Бекобод ўғлони Зоҳид Абдуллаевни ортга қайтаришга қарор қилишди. Қадрдон жамоадан чорлов Зоҳидга қанот бағишлади. Иккинчи даврада 6 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 2 марта йўл топишга эришди. Қадрдон жамоага қайтиш, севимли мухлислари қаршисида тўп суриш Зоҳиднинг қисқа фурсатда жисмоний тайёргарлигини тиклаб олишига, қаддини ростлашига ёрдам берди.
Кейинги мавсумларда Зоҳид Абдуллаев мухлислари ва мураббийлари ишончини тўлиқ оқлади. Нафақат “Металлург”нинг, балки чемпионатимизнинг ёрқин тўпурарларидан бирига айланди. Айниқса 2016 йилги мавсум жуда омадли бўлди. Зоҳид Абдуллаев 28 та учрашувда рақиблар дарвозасига 18 та гол киритди. Бу мавсум тўпурари бўлган Темирхўжа Абдухолиқовнинг натижасидан кейинги – иккинчи кўрсаткич эди. Орадан бир йил ўтиб Абдуллаев яна тўпурарлар рўйхати етакчиларидан бирига айланди.
Йиллар давомида доимо рақиб дарвозасини ишғол этишга одатланган Зоҳид Абдуллаев 2019 йили ниҳоят ўзининг бош мақсадига эришди. Голеадорларни бирлаштириб турувчи – “Геннадий Красницкий клуби” аъзосига айланди. Зоҳиднинг Ўзбекистон чемпионати ва мамлакат кубоги баҳсларидаги голлари сони 100 тадан ошди. Эътиборли жиҳати Абдуллаев ўзининг илк голини Бекободда киритганлигини юқорида эсладик. “Геннадий Красницкий клуби” эшикларини очган 100-голини ҳам Зоҳид Абдуллаев қадрдон шаҳрида, суюкли мухлислари қаршисида – Бекободдаги “Металлург” марказий стадионида киритди. XXVIII миллий чемпионат олдидан Зоҳид Абдуллаевнинг ҳисобида 98 та гол бор эди. Ҳали юзлик давонга иккита гол етмаётганлиги қарамасдан 4-турдан ўрин олган “Металлург” – “Қизилқум” учрашувига мухлислар яхши ният билан стадионга махсус баннерларни кўтариб келишди. Уларда Зоҳид Абдуллаевнинг портрети ва 100 рақами туширилганди.
Мавсумни Термизда “Сурхон”га қарши дуранг билан бошлаган “Металлург” 2-турда ўз майдонида “Бухоро”дан устун келди – 2:0. 3-турда эса Самарқандда “Динамо”га имконият бой берилди (1:2). Мазкур учта учрашувда жамоа бош мураббийи Андрей Шипилов Зоҳид Абдуллаевга 43 дақиқа вақт берди холос – Термизда 29, “Бухоро”га қарши ўйинда эса 14 дақиқа. Ишқибозлар эса мураббийлар штабидан Абдуллаевни илк дақиқалардан майдонга туширишни талаб этишарди. Ва ниҳоят “Қизилқум”га қарши ўйинда мухлисларнинг талаб ва истаклари инобатга олинди. Зоҳид бошланғич таркибга киритилди. Учрашувдаги биринчи гол 19-дақиқада пенальтидан киритилди. 11 метрлик жарима зарбасини Станислав Андреев бехато амалга оширди. Орадан кўп ўтмасдан меҳмонлар ярим ҳимоячиси Миржалол Қосимов вазиятни тенглаштирди. Ана шу лаҳзаларда саҳнага Зоҳид Абдуллаев кўтарилди. Ишқибозларнинг тинимсиз қўллаб қувватлашлари Зоҳидга куч-қувват, қанот бағишлади. 35-дақиқада у навоийликлар посбони Евгений Черемисин билан яккама якка чиқиб, дарвозабонга имконият қолдирмади. “Металлург” ҳисобда олдинга ўтиб олди. Орадан уч дақиқа ўтиб, Зоҳид Абдуллаев яна жамоадошлари қучоғида қолди. Бу гал “Металлург” тўпурари жамоадоши Исломбек Исоқжонов бошлаб берган комбинацияни голга айлантирди. ЮЗЛИК довон забт этилди!!! Учрашувнинг сўнгги сониялари ўтиб бораётганда Баҳром Абдураҳимов ўйинга мантиқий нуқтани қўйди – 4:1. Шу тариқа Зоҳид Абдуллаев бекободлик футболчилар орасидан биринчи бўлиб “Геннадий Красницкий клуби” аъзосига айланди. Зоҳид Абдуллаевнинг миллий чемпионатимиздаги голлари сони 95 тани ташкил этади. Ўзбекистон кубогидаги голлари ҳам қўшиб ҳисобласак, барча голлар сони 110 тадан ошади.
“Геннадий Красницкий клуби” рўйхатни 265 та голи билан Анвар Бердиев бошқариб келмоқда. Клуб аъзолари сони эса 30 нафардан ошиб кетди. Рўйхатда мамлакатимизнинг жуда кўплаб таниқли футболчилари бор: Анвар Солиев, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Зафар Холмуродов, Равшан Бозоров, Жаъфар Ирисметов, Ойбек Усмонхўжаев, Бахтиёр Ҳамидуллаев, Умид Исоқов шулар жумласидандир. Зуҳро юлдузи каби порлаган ҳужумчилар сафида Бекобод ўғлонининг ҳам борлиги “Металлург” ишқибозларига қувонч, ғурур бағишлайди.
Зоҳид Абдуллаев “Металлург” футбол клубининг “гвардиячиси” ҳам саналади. У Ўзбекистон чемпионатларида жамоа таркибида энг кўп майдонга тушган футболчилардан бири ҳисобланади. Зоҳид Абдуллаев бугунгача мамлакат чемпионатларининг ўзида 315 та учрашувда тўп суришга муваффақ бўлган. Ўзбекистон кубоги баҳсларидаги учрашувларини ҳам қўшиб ҳисобласак, кучлилар сафидаги жами ўйинлари сони 350 тадан ошиб кетади.
Шу йилнинг май ойи 25 санасида 38 ёшни қаршилаган Зоҳид Абдуллаев катта футболдаги фаолиятини якунлаяпти – “бутсасини михга осаяпти”. Аслида у ўтган мавсумдаёқ катта футбол билан хайрлашишни дилига тугганди. Бироқ қийин вазиятда жамоасини ташлаб кетишга кўзи қиймади. 21 та учрашувда майдонга тушди: 11 та учрашувда бошланғич таркибга киритилди, 10 та ўйинга заҳирадан қўшилди. Рақиблар дарвозасига чемпионатда 3 та, Ўзбекистон кубоги баҳсларида 2 та гол киритди.
Футболга – “Металлург”га садоқат билан хизмат қилган Зоҳид Абдуллаевнинг келажакда ҳам Бекобод футболига фойдасига тегишига шубҳа қилмаймиз. Эҳтимол мураббий сифатида, эҳтимол бошқа лавозимда фаолият юритар, аммо қайси вазифада меҳнат қилмасин унинг дилида, юрагида “Металлург”га меҳри, садоқати ҳамиша жўш уриб туриши аниқ. Ўз навбатида клуб мухлислари ҳам ишқибозлар қалбини забт этган Зоҳид Абдуллаевни доимо қалблари тўрида сақлашларига аниқ.
Шу ўринда ишқибозларимиз диққатига: Зоҳид Абдуллаевнинг катта футбол билан хайрлашув ўйини 2022 йилнинг 11 июнь кунига режалаштирилаётганлигини айтиб ўтмоқчимиз. 38 ёшли футболчининг хайрлашув ўйини халқаро ўртоқлик учрашуви мақомида бўлиб, унда Бекободнинг “Металлург” жамоаси Тожикистон Республикасининг “Хўжанд” жамоасини қабул қилади. Бекободнинг порлоқ юлдузини яшил майдондан муносиб кузатиш учун Сиз азизларни “Металлург” марказий стадионида кутамиз. Албатта келинг!
“Металлург” ПФК матбуот хизмати
Фикрлар